Ҳ У Н А Р М А Н Д Л А Р Э Л А Р Д О Ғ И Д А

Ҳ У Н А Р М А Н Д Л А Р    Э Л    А Р Д О Ғ И Д АЎзбекистон халқининг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчи фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича мақсадли ва комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш йўлида ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги мавжуд муаммо ва тўсиқларни тизимли равишда бартараф этиш мақсадида, 2017 йилнинг 17 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сонли фармони қабул қилинди.

Фармонга биноан "Ҳунарманд” уюшмаси сафига ҳунармандларнинг кенг оммасини қамраб олиш, шунингдек, ҳунармандчиликни кичик бизнес ва якка тартибдаги тадбиркорлик ривожланишининг кучли мустақил йўналишга айланишига йўл бермаётган уюшманинг чекланган салоҳияти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Жумладан, "Ҳунарманд” уюшмаси Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида кириши, "Ҳунарманд” уюшмаси раиси мавқеи бўйича Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди.

Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича сўзсиз равишда хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, ҳунармандларни ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгидан ўз фаолиятини бошлаган ҳунармандлар учун кўргазмалар ташкил этишни назарда тутиш ҳам кўзда тутилган. Ҳунармандчиликнинг юқори талабга эга ва келажакда ривожланиш истиқболи бор турларини тўлиқ қамраб олиш мақсадида фармон билан ҳунармандчилик фаолияти асосий йўналишларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди.

Шуни таъкидлаш муҳимки, Фармонда ҳунармандлар учун имтиёз ва қулайликларни кенгайтириш, шунингдек, уларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш кўзда тутилган. Хусусан, 2017 йилнинг 1 декабридан ҳунармандчилик субъектлари-"Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этилди.

Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилди. Қишлоқ туманларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайдиган бўлди.

Шу билан бир қаторда, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисобрақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль, ярмаркаларда ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт шартномаларини тузмаган ҳолда сотиш мумкин, бунда олинган даромад экспорт тушуми ҳисобланмайди. Шу билан бирга, ҳунармандларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда маҳаллий бюджетга тўланиши белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз бериш жорий этилмоқда.

Шунингдек, доимий савдо қилиш жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан савдо қоидаларида назарда тутилган касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Ҳунармандларга ўз фаолиятини амалга ошириш учун имтиёзли тартибда жой ажратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бунда улар томонидан давлат мулкини ижарага олишда ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Ҳунарманд хусусийлаштириш дастури доирасида ("ноль” харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектини олиш истагини билдирган тақдирда, ушбу объект ҳунармандга баҳоланган қийматда (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилади (берилади). Агарда бир нечта ҳунармандчилик субъектлари бир объектни ("ноль” харид қийматида) олиш истагини билдирса мазкур объект фақат ушбу ҳунармандлар иштирок этган ҳолда белгиланган тартибда савдога (танловга) қўйилади. Бунда кўрсатилган шартларда ҳунармандларга берилган объектлардан 5 йилдан кам бўлмаган вақт давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида фойдаланилиши лозим.

Фармонда ёшларни ҳунарга ўқитиш ва ҳунармандчилик кўникмаларини авлоддан-авлодга ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 2018 йилда республикамизнинг барча ҳудудларидаги 16 та касб-ҳунар коллежида "Ҳунарманд” уюшмасининг аъзоси бўлган ҳунармандларни ўқитувчилар сифатида жалб қилган ҳолда, ҳунармандчилик иши бўйича янги касбий таълим йўналишлари очилиши назарда тутилган.

Бунда ҳунармандчиликка ўқитишда ҳунармандлар билан якка тартибдаги тадбиркорлар сингари шартнома тузиш ҳуқуқи берилади ҳамда улар кўрсатган таълим хизматлари солиққа тортилмайди. Бундан ташқари, "Уста-шогирд” мактаблари ўқувчиси сифатидаги иш даври ўқувчилар 25 ёшга етгунга қадар йилига энг кам иш ҳақининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда уларнинг меҳнат стажига қўшилади.

Бир сўз билан айтганда, соҳада олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати билан шуғулланувчи фуқаролар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу асосда янги иш ўринлари ташкил этишни рағбатлантириш, оилалар турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.