Туман ҳокими Б.Б.Бобоназаровнинг кириб келаётган янги йил байрами муносабати билан туманимиз халқига йўллаган БАЙРАМ ТАБРИГИ

Азиз юртдошлар,

Қадрли тумандошлар!

Яна саноқли кунлардан сўнг кўп миллатли ўттиз икки ярим миллионлик халқимиз жорий "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”ни ўз остонасига кузатиб, қувончу ташвишларини, эришган ютуқ ва айрим улгурмаган ишларини сарҳисоб этган ҳолда, Янги йил остонасига беғубор орзу-умидлар билан қадам қўймоқда. Янги йил аслида янги қувонч, янги шодлик ва янги истаклар айёмидир. Мен сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини ушбу улуғ шодиёна, кириб келаётган 2018 йил – "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Шубҳасиз, жорий йилимиз интиҳосини шукуроналик туйғуси билан кузатишга ҳақлимиз. Фикримиз далилини эса юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, халқимиз фаровонлиги ва давлатимиз иқтисодиётининг барқарор суратларда ўсаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Якунига етаётган йилимизда юртдошларимиз ҳаётида ўзига хос эзгулик ва оламшумул муваффақиятлар йили сифатида тарих саҳифаларига муҳрланмоқда. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу тамойил бутун бўй-басти билан намоён бўлиб, мавқеидан қатъи назар барча даражадаги мутасадди раҳбарлар халқимиз оғирини енгил қилишга астойдил бош қўшдилар.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан жойларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам жойларда ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш ҳамда фуқароларимиз дарду ташвишларини ҳал этишда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Бундан ташқари, туманимиздаги тўртта сектор раҳбарлари томонидан ҳудудларда ташкил этилган сайёр қабуллар самараси натижасида ҳам жуда кўплаб фуқароларимизнинг муаммолари жойида ҳал этилди. Бир сўз билан айтганда, Истиқлол сизу бизга озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт ҳамда бахтли яшаш имконини берди.

Энг қувончлиси, юртимизда ўзининг ҳалол меҳнати орқали Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, халқимизга намуна бўлиб келаётган юртдошларимиз доимо давлатимиз ардоғида бўлиб келган. Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан туманимиздан ҳам 69 нафар юртдошларимизнинг эсдалик нишонлари билан тақдирланиши барчамизни бирдек руҳлантирди.

Поёнига етаётган 2017 йил барча соҳалар сингари қишлоқ хҳжалиги ходимлари ҳаётида ҳам ўчмас из қолдирди. Яни Муҳтарам Президентимиз томонидан декабр ойининг иккинчи якшанбаси "Қишлоқ ҳўжалиги ходимлари куни” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан барча соҳада юртимиз тараққиётига муносиб хисса қўшган бир гуруҳ ватандошларимиз давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланишди. Улар орасида туманимиздаги "Сафо Севди” фермер хўжалиги раҳбари Севдиёр Рустамовнинг ҳам "Дўстлик” ордени билан мукофотланиши кириб келаётган янги йилимизда бутун Навбаҳор тумани халқи учун муносиб байрам туҳфаси бўлди.

Шуни такрор ва такрор эътироф этиш жоизки, юртимизда қўлга киритилаётган бу каби юксак ютуқлар замирида эса юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Айни чоғда муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган доно ва оқилона сиёсати туфайли юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани каби туманимизда ҳам халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хабарингиз бор, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантириш устувор йўналишларини белгилаш ва уларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони қабул қилинган эди.Ушбу фармонга асосан туманимизда амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар Дастури тасдиқланган бўлиб, дастурни амалга ошириш учун жами 81 млрд. сўм маблағлар режалаштирилган бўлиб, шундан 11 млрд. сўми бюджет маблағлари, 67 млрд. сўми тижорат банклари кредитлари, 1 млрд. сўми бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳиссасига тўғри келади. Бунинг натижасида туманимизда истиқомат қилаётган кексалар, ногиронлар ҳамда кам таъминланган оилалар фаровонлиги янада яхшиланди.

Бугун туманимизнинг қайси қишлоғига борманг, эртанги кун завқи билан ёниб яшаётган, юрт ободлиги учун ҳалол меҳнат қилаётган тумандошлримизнинг юзу кўзларидан шукроналик туйғуларини илғаш қийин эмас. Энг асосийси, қўлга киритаётган улкан ютуқларимиз замирида заҳматкаш халқимизнинг ҳалол меҳнатлари мужассамлигини такрор бўлсада қувонч билан алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Азиз дўстлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинган 2018 йилда ҳам юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ва хайрли ишларимиз кўлами янада кенгайиши шубҳасиз. Фурсатдан фойдаланиб сиз азизларни кириб келаётган Янги йил байрами билан яна бир бор самимий қутлайман. Янги йил ҳар бир юртдошимизга, ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахту саодат ва улкан муваффақиятлар олиб келсин!

Янги йилда янги-янги зафарлар Сизларга ёр бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.