САЛОМАТЛИГИМИЗ ПОСБОНЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

САЛОМАТЛИГИМИЗ ПОСБОНЛАРИ ШАРАФЛАНДИМамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини қондириш, фуқароларнинг ҳаётдан мамнун бўлиб яшаши учун барча қулай имконият яратиш каби эзгу мақсад мужассам. Буни Президентимиз шу йилнинг 18 октябрь куни соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар таҳлилига бағишланган йиғилишда яна бир бор қайд этди. Давлатимиз раҳбарининг бирламчи бўғин ривожи йўлида берган топшириқлари асосида бугун соҳада ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, она ва бола саломатлигини яхшилаш йўлида туман ва шаҳар Тиббиёт бирлашмалари бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофазалаш бўйича муовуни лавозими жорий этиш белгиланди. Шунингдек, болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия каби наслий касалликларга чақалоқларда оммавий (95% қамровли) скрининг текширувларини ўтказиш, шаҳар ва туман Тиббиёт бирлашмалари таркибида болалар анестезиологияси ва реанимацияси бўлимларини ташкил этиш масалалари кўзда тутилмоқда.

Маълумки, қишлоқ оилавий поликлиникаларида гинеколог ва педиатр врачларнинг ишлаётгани аҳоли учун катта қулайлик яратмоқда. Ҳозирда эҳтиёж ўрганилган ҳолда штатлар жадвали қайта кўриб чиқилаётганлиги оналар ва болаларга тиббий-профилактик ёрдам кўрсатиш имкониятини кенгайтириши шубҳасиз. Яна бир муҳим қадам миллий эмлаш дастури билан боғлиқ. Жорий йилда юқумли касалликларга қарши эмлаш учун сарфланадиган маблағлар тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йилда бу кўрсаткич 42,3 миллиард сўмни ташкил этди. Эмлаш даражаси 99,5 фоизни ташкил этди.

Давлатимиз раҳбарининг яна бир муҳим топшириғи ихтисослаштирилган тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш билан боғлиқ. Ушбу мақсадда Республика ихтисослаштирилган марказларнинг вилоятларда филиаллари ташкил этилмоқда. Шунингдек, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг ҳудудларда етарли даражада бўлишини таъминлаш мақсадида вилоятларда ишлаш ташаббуси билан чиққан етакчи мутахассислар танлаб олинди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва даволаш муассасаларига аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун юборилди. Чет эл клиникаларида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассислар юртимизга қайтиб, халқимиз хизматига бел боғлади.

Жамиятимиздаги тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида эл саломатлигини асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган шарафли ва масъулиятли касб соҳибларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда. "Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда "Тиббиёт ходимлари куни” касб байрами сифатида кенг нишонланаётгани ҳам ана шу эътибор намунасидир.

Барча жойда бўлгани каби 11 ноябрь куни туманимиздаги "Шукрона” тўйлар мажмуасида соҳа ходимларини қутлаш мақсадида байрам дастурхони ёзилиб, саломатлигимиз фидойилари бир пиёла чой устида ўзаро дийдорлашишди. Байрам тадбирини дастлаб туман ҳокими Б. Бобоназаров табрик сўзи билан очиб, соҳада фидойилик намуналарини кўрсатиб келаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимларига туман ҳокимлигининг "Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, тадбирда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Гаффаров, Ўзбекистон МТДП туман Кенгаши бош мутахассиси Рустам Саильхоновлар ҳам сўзга чиқиб, байрам билан муборакбод этишди.

Айниқса, туман маданият ишлари бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага янада файз қўшди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.