“ЮКСАК МАЪНАВИЯТ - ЕНГИЛМАС КУЧ”

“ЮКСАК МАЪНАВИЯТ - ЕНГИЛМАС КУЧ”Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов "Юксак маънавият-енгилмас куч” деган эзгу ғояни бежизга илгари сурмаган эдилар. Негаки, маънавият инсон онгига энг аввало, ота намунаси, онанинг оқ сути билан сингиши тайин. Шу жиҳатдан қуш уясида кўрганини қилади, деган ҳикмат ҳам топиб айтилган.

Истиқлол йилларида ушбу тамоил халқимизнинг, хусусан ёшларимизнинг онгу шуурида офтоб мисол порлагани рост. Таълим муассасаларида "Маънавият соат”лари ва шу йўналишдаги фанларнинг жорий этилиши юқоридаги фикрларимизни асослайди. Шу ўринда савол туғилади. Инсон қачон маънавиятли бўлади? Албатта, кўп илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар мутолаа қилсагина дунёқараши шаклланади. Маданияти, маънавияти юксалади.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 12 январда имзоланган "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишининг эълон қилиниши соҳа тараққиётини янги босқичга олиб чиқишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Айни чоғда мазкур фармойиш ижроси доирасида жойлардаги билим даргоҳларида, корхона ва ташкилотларда илм-фан номоёндалари, зиёлилар, таниқли шоир ва ёзувчилар иштирокида ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда эркин мулоқотлар олиб борилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири яқинда туманимиздаги 23-умумтаълим мактабида ташкил этилди. Туманимизда ижод қилиб келаётган истеъдодли ижодкорлар Бобоқанд Мирзо, Гулчирой Дилкушо ҳамда Гавҳарой Қаюмовалар иштирокида ўтказилган тадбирни мактаб директори Гулмира Элова кириш сўзи билан очиб берди. Нотиқ ўз сўзида кейинги йилларда юртимизда маънавиятга, адабиётга кўрсатилаётган эътибор хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг Бобоқанд Мирзо ҳамда Гулчирой Дилкушолар ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди. Шунингдек, ўқувчилар ҳам меҳмон ижодкорларнинг шеърларидан намуналар келтиришди. Мулоқот чоғида мактабнинг ўқитувчи ва ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди. Мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари октябрда якунланган фан ойлиги доирасида амалга оширилган тадбирлар хусусида тўхталиб ўтишди. Яна бир ижодкор ўқитувчи Гавҳарой Қаюмованинг ватанни мадҳ этувчи дилбар шеърлари тўпланганларда илиқ таассурот уйғотди. Учрашув сўнггида ижодкорлар фаол иштирок этган ўқувчиларга муносиб туҳфа тариқасида ўзларининг китобларини тақдим этишди. Бир сўз билан айтганда, мазкур ижодий мулоқот ёшларнинг қалбида бир умр муҳрланиб қолиши шубҳасиз.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.