НУРАФШОН КЕЛАЖАК САРИ

Бинолар ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчиликдир. Шу боис ҳам истиқлолнинг илк кунларидан бошлаб доно сиёсатчи ва буюк давлат арбоби, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам оламшумул ислоҳотлар амалга оширилди. Эски тизимдан воз кечилиб, жаҳон талабларига жавоб берадиган таълимнинг янги тизими жорий этилди. "Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури қабул қилинди.

Айтиш жоизки, истиқлолга қадар мамлакатимизнинг шаҳар, туман ва чекка қишлоқларида жойлашган умумтаълим мактабларининг аҳволи ниҳоятда ачинарли ҳолатда, моддий техник базаси ҳақида гапирмаса бўлар эди. Аммо ана шу ўтган чорак аср давомида юрти-мизда кўплаб жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган умумтаълим мактаблари бунёд этилди, мавжудлари эса реконструкция қилинди. Уларнинг моддий техник базаси мустаҳкамланиб, замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозланди. Ушбу таълим масканлари замонавий компьютер жиҳозларига эга бўлиб, интернет тармоғига уланиши эса билим сифатини оширишга хизмат қилаётир.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, 1997 йилдан буён 1-октябрь санасини юртимизда "Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами сифатида нишонланиши, соҳа ходимларини моддий ва маънавий рағбатлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириб юборди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ҳар йили Республикамизда кўплаб таълим фидойиларини мамлакатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланиши эса таълим фидойиларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Айни чоғда туманимиздаги умумтаълим мактабларида 1711 нафар педагог 14551 нафар ўқувчи-ёшларга сабоқ бериб келмоқда. 2017-2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига 1835 нафар болажонлар қабул қилинган бўлса, ўтган ўқув йилидаги 1286 нафар 9-синф битирувчиларидан 1101 нафари ўзлари ва ота-оналарининг хоҳиш-истаклари билан ўқув йилини жонажон мактабларида давом эттирадиган бўлишди. Бу фидойи ўқитувчи ва мураббийларимиз ёш авлодга таълим-тарбия беришдек шарафли ва машаққатли йўлда бор билим ва маҳоратларини ишга солиб келишаётир.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2011 йил 4 июлдаги "Узлуксиз методик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 144-сонли буйруғи ижросини таъминлаш борасида ҳамда илғор ўқитувчиларнинг фаол иш-тажрибаларини оммалаштиришга, шунингдек, ижодкор ва ташаббускор педагогларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Ана шу эътибор натижаси ўлароқ, туманимиздаги умумтаълим мактаблари-нинг ўқитувчилари Муяссар Нуруллаева, Дилрабо Хидирова, Олия Мардонова, Нигора Нурназарова, Камола Жумаева, Нигора Бўронова, Марҳабо Ҳамроева, Чарос Қулматова, Олия Зоирова, Зумрад Раҳимова, Барнохон Акрамова, Гавҳар Ҳақназароваларнинг методик тавсия ва очиқ дарслари вилоят миқёсида оммалаштирилди.

Тумандаги 36 та мактаб замонавий синф компьютер техникаси билан таъмин-ланиб, "ZIYONET” тармоғига уланган. Ўтган ўқув йилида "Энг яхши ташкилот веб сайти” йўналиши бўйича туман ХТМФМТТЭБ сайти Республикада фахрли ўринларни эгаллади. Шунингдек, "Жаҳон гранти” ҳамда "Хитой гранти” ва ҳомийлиги асосида тумандаги 4-,5-,6-,8-,10-,17-,22-,23-,33-умумтаълим мактаблари замонавий телевизорлар ва ДВД плеерлар, оқ маркерли доска, ТV тюнер, овоз кучайтиргич, ноутбук ҳамда замонавий мультмедиа воситалари билан таъминланди.

Жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги "2017 йилда ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2873-сонли Қарорига мувофиқ, туманимиздаги 36-умумтаълим мактабида 60 ўринга мўлжалланган замонавий ўқув блоги, 16-умумтаълим мактабида эса қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. "Чорвоқгузар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги мактабгача таълим муассасаси барпо этилган бўлса, бир қатор мактабгача таълим муассасаларида реконструкция ва жорий таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

Бугун нафақат фарзандларимизнинг камолга етиб билим чўққиларини эгаллашлари, балки устозларимизнинг ёш авлодга замонавий илм-фан сирларини ўргатишлари борасида барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бу каби ғамхўрлик ва эътиборга жавобан ўқитувчи-мураббийларимиз ҳам ёш авлодга таълим-тарбия беришдек машаққатли йўлда фидойилик намуналарини кўрсатиб келаётир. Жумладан, Мунира Каримова, Нурилло Чориев, Дилрабо Равшанова, Обод Шукуров, Феруза Жўраева, Ғулом Алиев, Гулноза Мирзаева, Феруза Равшанова, Зоиржон Раҳмоновларнинг меҳнатлари алоҳида таҳсинга лойиқ.

Устоз-қалбимизни, умр йўлларимизни маърифат, зиё нурлари ила ёритгувчи зот. Улар бор экан, биз илм-маърифат чўққилари сари дадил одимлаб бораверамиз. Шундай экан, устоз-мураббийларимизни ҳар қанча эъзозлаб, уларга ҳурмат эҳтиром кўрсатсак камлик қилади.

Байрамингиз муборак бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.