“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”Бугун юртимизнинг қайси бир гўшасида бўлманг, инсон қалбида чексиз ғурур ва ифтихор бағишловчи энг улуғ ва энг азиз айёмимиз Истиқлол шукуҳи халқимиз онгу шуурида тантана қилаётганига гувоҳ бўласиз.

Ана шундай тантаналардан бири 26 август куни Набаҳор туманидаги Марказий ўйингоҳда бўлиб ўтди. Байрамда туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган "Бош узра нур таратсин, мангу ҳур Истиқлолим” номли театрлаштирилган концерт дастури ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамовнинг ушбу қутлуғ айёмда ўз қўшиқлари билан иштирок этиши барчага завқу-шавқ бағишлади.

Барчамизга кундек равшанки, 26 йил тарих учун олис вақт эмас. Бироқ, кейинги вақтда Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида мисли кўрилмаган асрларга татигулик ишлар амалга оширилдики, бугун бу ҳақиқатни ҳар бир жабҳада ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Айниқса, жорий йилимизга давлатимиз раҳбари томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, дея ном берилиши замирида халқимизнинг дарду ташвишлари, ечимини кутаётган муаммоларини ҳал этишда айни кўнгилдаги гап бўлди. Шунингдек, жойларда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.

Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, ҳуқуқий демократик жамият сари илдам қадам қўйган юртимизда инсон шаъни, унинг қадр-қиммати ва манфаатлари олий қадрият ҳисобланиб, бу фалсафа ҳар куни, ҳар лаҳза хусусан, байрам ва халқ сайлларида янада кенг қулоч ёзмоқда.

Байрам муносабати билан мутасадди корхона ва ташкилотлар томонидан якка ёлғиз, боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олинди.

Мустақиллигимизнинг бу йилги шонли санаси муҳтарам Юртбошимиз Қарорига асосан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида нишонланаётгани халқимизнинг жонажон диёримиз ҳурлигига бўлган юксак ишончи ва муҳаббати белгисидир. Бу эса ҳеч бир давлат, ҳеч бир миллатда учрамайдиган ўзига хос қадрият, халқимизга хос бағрикенглик намунасидир.

Байрам тантаналарида 5000 нафардан зиёд туман аҳолиси иштирок этди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.