ТАЪЛИМ ВА ИСЛОҲОТ

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ватанимиз истиқболи, халқимиз тақдири хусусида қайғурган ҳолда, ёшларимизга юзланиб шундай деган эди: "Токи юрагингизда ўт, билагингизда куч-қудрат бор экан, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини эгаллаб бораётган бугунги кунда "Биз киммиз, кимларнинг авлодимиз?” деган даъватга ҳамиша муносиб бўлинг.”

Ўзбекистон-келажаги буюк давлат! Шунингдек, Ислом Каримов истиқлолнинг илк кунлариданоқ ушбу иборани шиор сифатида илгари суриб бутун дунёга бонг урганида биров инонди, биров инонмади. Ниҳоят юртимизда ҳар бир соҳада оқилона ва одилона олиб борилган ислоҳотлар натижасида ўтган чорак асрдан ортиқ вақт давомида Ўзбекистон чиндан ҳам келажаги буюк давлат эканлигини жаҳон халқлари тан олди ва ҳавас кўзи билан боқишди. Келажаги буюк давлатнинг истиқболи эса ҳеч шубҳасиз, ёшлар қўлидадир. Шу боис ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун қулай имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай мамлакатнинг куч-қудрати унинг интеллектуал салоҳияти билан белгиланади. Бу эса бевосита таълим сифатига боғлиқдир. Шу жиҳатдан кадрлар тайёрлашнинг миллий модели "Таълим тўғрисида”ги қонун ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури”нинг ҳаётга тадбиқ этилиши юқори малакали, рақобатбардош кадрларни тайёрлашдан иборат стратегик мақсадга эришиш учун назарий асос бўлди.

Шу ўринда муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг "Биз учун долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бу фарзандларимизни мустақил фикрли, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаган, мустаҳкам ҳаётий позицияга эга, чинаккам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш вазифасидир”, деган сўзлари ҳар бир педагог ходимнинг зиммасига улкан масъулият юклайди.

Бугунги кунда туманимиздаги мавжуд умумтаълим мактабларида жами бўлиб 1711 нафар педагог ходимлар 14551 нафар ўқувчи-ёшларга сабоқ бериб келишмоқда. 2017-2018 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига 1835 нафар ўқувчилар қабул қилинади. Ўтган ўқув йилидаги 1286 нафар 9-синф битирувчиларидан 1101 нафари ўзлари ва ота-оналарининг хоҳиш-истаклари билан янги ўқув йилида 10-синфда ўқишни давом эттиришади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги ПҚ-2873-сонли қарорига асосан Навбаҳор туманидаги жами 4 та таълим муассасаси мазкур дастурга киритилган бўлиб, шундан 1 та мактабда реконструкция, яна 1 та мактабда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, 1 мактабгача таълим муассасаси реконструкция қилиниб, яна 1 та мактабгача таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. Дастурга киритилган 36-умумтаълим мактабининг 60 ўринли ўқув блоги ҳамда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 16-умумтаълим мактаби ҳам янги ўқув йилида ўқувчиларни ўз бағрига олади. Бундан ташқари, 6-сон "Наврўз” мактабгача таълим муассасасига 832.8 млн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳозирда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида соҳа ходимлари иштирокида ўтказилган август Кенгашида туман ҳокими Б. Бобоназаров ҳамда вилоят Халқ таълими бошқармаси масъул ходими М. Отаниёзовалар сўзга чиқиб, айни жиҳатлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. Тадбир доирасида таълим тизимида самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ фаол ўқитувчилар туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотларнинг "Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда ўз устида мустақил ишламаган, ўз билим ва тажрибасини бойитиб бормаган, давр билан ҳамнафас бўлолмаган педагог-педагог бўлиб ишлай олмаслиги барчамизга кундек равшан. Шундай экан, ҳар бир педагог ходим ўз устида тинимсиз ишлаши, изланиши зарур. Шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.