АЁЛЛАР ҚАЛБИДАН БОШЛАНАР БАҲОР

Аслида баҳор ва аёл эгизак тушунчалар, десак муболаға қилмаган бўламиз. Баҳор она табиатга кўрк бағишласа, аёл ҳаёт бўстонининг боғбонидир. 8 март-Халқаро хотин-қизлар айёмини баҳорнинг илк кунларида нишонланишида ҳам ажиб маъно-мазмун мужассам. Айниқса, байрам кунлари мунис ва мўътабар онажонларимиз, дилбар опа-сингилларимиз таърифига энг гўзал ашъорларни битамиз. Ҳаётимиз кўрки, дея уларни кўкларга кўтарамиз. Байрам муносабати билан бутун юртимиз бўйлаб нафосат маликалари бўлган хотин-қизларимизга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.

7 март куни туманимиздаги "Лола” тўйхонасида хотин-қизлар байрами муносабати билан тантанали кеча бўлиб ўтди. Унда туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган хотин-қизларимиз вакиллари бир пиёла чой устида дийдорлашишди. Дастлаб байрамни туман ҳокими А.Нарзиев кириш сўзи билан очиб бераркан, туманимиз аёлларини, опа-сингилларимизни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этиб, барча соҳаларда юксак ибрат намуналарини кўрсатиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизларимизга туман ҳокимлигининг "Фахрий ёрлиқ” ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г. Сатторова, туман ҳокими ўрибосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси И. Хўжаевалар ҳам сўзга чиқиб, аёлларимизни байрам билан қизғин табриклашди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлимига қарашли "Навбаҳор таронаси” ашула ва рақс дастаси санъаткорлари томонидан ижро этилган онани, аёлнинг вафо ва садоқатини тараннум этувчи дилрабо куй-қўшиқлар байрам тадбирига ўзгача файз киритди. Шоир таъбири билан айтганда, сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.