Ёш спортчилар фахримиз

"Ҳеч қайси соҳа мамлакатни спортчалик дунёга тез машҳур қила олмайди”. Муҳтарам Юртбошимизнинг айтган ушбу пурмаъно сўзлари бугун нечоғлик ўз исботини топаётганлигини даврнинг ўзи яққол намоён этаётир. Чунки, ўтган йиллар давомида барча соҳаларда бўлгани каби спортда ҳам катта ютуқларга эришилди.

Ўтган йиллар давомида юртимизда болалар спортини ривож-лантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан манзилли дастур доирасида жами 225 миллиард сўмдан ортиқ мабалағлар ҳисобига 35 та намунавий спорт объекти, 12 та сузиш ҳавзаси 174 та умумтаълим мактаблари спорт заллари қурилиб фойдаланишга топширилди. Айниқса, қишлоқ жойларида истиқомат қилаётган ўғил-қизларнинг спорт билан шуғулланишларига алоҳида эътибор берилаётганлиги, айни кунда эса 2 миллиондан ортиқ ўғил-қизлар спортга мунтазам равишда жалб этилганлиги ана шу эътибор ҳосиласидир.

Бу борада туманимизда ҳам эътирофга лойиқ ишлар амалга оширилмоқда. Туман ёшларининг спорт билан шуғулланишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Ана шу ғамхўрлик ва имкониятлардан унумли фойдаланаётган Шахноза Бозорова, Аббос Қодиров, Ситора Облақулова, Мафтуна Холиқова, Наргиза Сувонқулова, Карина Барноева, Юлдуз Исматова, Эъзоза Саъдуллаева, Дилшод Дилиев ҳамда Тоҳирбек Нурмуродов каби ёш спортчиларимиз Республика ҳамда халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлдан бермай келишаётир.

Умумтаълим мактабларида ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг жисмонан соғлом бўлишларини таъминлаш мақсадида, турли спорт тўгараклари мунтазам фаолият юритиб келмоқда. Жумладан, биргина 5-умумтаълим мактабида 400 нафар ўқувчи спортнинг 7 та тури бўйича мунтазам шуғулланиб келаётир. Айниқса, уларнинг баскетбол, қўл тўпи, шахмат, футбол бўйича вилоят, Республика миқёсида бўлиб ўтаётган спорт мусобақаларида пешқадамлар сафида келишаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Яқинда бу спорт тўгараклари қаторига бадминтон ҳам қўшилди. Бадминтон спортчидан чаққонлик, чапдастлик, аниқликни талаб қилиб, болаларнинг мушакларини бақувват бўлиб ўсишига ёрдам беради.

Яқинда "Умид ниҳоллари-2016” спорт мусобақаларининг туман саралаш босқичида 9-синф ўқувчилари Ҳафиз Ҳазратов ва Сафура Сафоевалар бадминтон бўйича ғолиб бўлишиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Келажакда туманимизда ушбу спорт тури янада кенг оммалашиб, олимпиада спорт ўйинлари ғолиблари чиқади, деган умиддамиз.

Муҳиба ИСМОИЛОВА,

5-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.