НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАНИМИЗ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАНИМИЗ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

 

Ассалому алайкум қадрли тумандошлар.

 

Бугун экологик муаммоларнинг макон ва чегара танламаслигини даврнинг ўзи яққол кўрсатмоқда. Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 2 феврал куни чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, "Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди ва жорий йилдаги устувор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан Президенимиз ўз нутқида "Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда "Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди. Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди.

Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас.

Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз", "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси – бу бир йиллик тадбир эмас" деди давлатимиз раҳбари.

Навбаҳор туманида баҳор мавсумида 700 минг донадан ортиқ дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатларни танлаб, уларни етарли миқдорда етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтиришимиз зарур.  

Камида 10 минг донадан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш ва республика аҳамиятидаги йўлларнинг четларига ҳам дарахтдан ихотазорлар ташкил этишни ҳам режалаштирилган. Жорий йилнинг 1 мартдан санасидан бошлаб бутун туманимиз бўйлаб "Яшил йиллик” умуммиллий тадбирига старт берилади.

Сўнгги пайтда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши муаммоси долзарб масала сифатида жамоатчилик томонидан кўтариляпти. Ўзбекистонда экологик вазиятнинг кескинлашгани кузатилмоқда. Шу ўринда дарахт экиш акциясини жадаллаштириб ўтказишни вазиятни ўзи тақозо қилмоқда. Бундай ташаббуслар барча юртдошларимиз томонидан фаол илгари сурилди ва қўллаб-қувватланмоқда.

Бугун технология ривожланмоқда, кўпгина ишлаб чиқариш корхоналари қуриляпти, аҳоли сони кўпайяпти. 1 гектар ерга экилган дарахт бир йилда 8 кг карбонат ангидридни ютиб олади ва 6 кг кислород ишлаб чиқаради. Ёки ярим гектар ерга экилган дарахт бир автомобилнинг 42 минг км йўл босиб чиқарган карбонат ангидридини ютишини айтишимиз мумкин.

Ушбу ташаббус доирасида Навбаҳор туманида ҳам 1 млн 211 минг дона кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда умумфойдаланишдаги автомобил йўллари ёқалари, қишлоқ хўжалиги ерлари ихота дарахтзорлар барпо этиладиган ерлар, фермер хўжаликларининг экин ер майдонлари четларида, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳоли хонадонларига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиб, яшил маконга айлантирилди.  2022 йилнинг баҳор мавсумида туманда кўчат экиш ишларини тизимли йўлга қўйиш мақсадида, ҳар бир маҳалла марказларида кўчат ярмаркалари ташкил этилиб, Қува туманидан кўчат олиб келиш ишлари амалга оширилади.

Жорий йилда аҳоли хонадонларида субсидия маблағлари асосида 100 дан зиёд тик суғориш қудуқлари ўрнатилади.

 Туманимизнинг ҳар бир фуқароларини ўз хонадони, кўчаси, маҳалласи, ўзи фаолият олиб бораётган корхона, ташкилот ва муассасасида, шунингдек туманимизнинг аҳоли гавжум жойлари ва дам олиш масканларида дарахт экишга чорлаймиз.

     Ҳар йили анъанавий равишда баҳор ойларида мазкур акция ўтказилишида ўз ҳиссамизни қўшсак, туманимизда дарахт экиш учун бўш жой қолмагунча ҳаракат қилсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Экиладиган дарахтлар заминимизни кўкка буркаши, чиройига чирой қўшиши билан аллергияга мойил минглаб кишиларнинг соғлигини ҳимоя қилиши лозимлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Шунингдек экиладиган дарахт кўчатларини парвариш қилиш, суғориш ва ҳар бир кўчат дарахт бўлиб вояга етишгунга қадар  ҳам бефарқ бўлмаслигимиз керак. Зеро улар ҳам парвариш ва меҳрга муҳтож эканлигини англаган ҳолда бу ишларни амалга оширишимиз лозим.

Ушбу хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда дарахт экиш ишларини босқичма-босқич давом эттириб, туманимизни яшил маконга айлантиришда барчангиз ўз ҳиссангизни қўшишга чорлаб қоламиз.

НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАНИМИЗ АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.