НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ 21 ОКТЯБРЬ – ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАНДОШЛАРИМИЗГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Қадрли тумандошлар!
Барчангизга маълумки, 1989 йилнинг 21 октябрида "Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, қонунга асосан ўзбек тили давлат тили сифатида расман эълон қилинди.
Албатта, кейинги йилларда мамлакатимизда янгича руҳда кенг нишонланаётган бу байрамнинг алоҳида файзи ва шукуҳи борлигини барчамиз яхши биламиз. Ушбу қутлуғ санада миллий қадриятларимиз гултожи бўлган она тилимизнинг тарихимиз ва тақдиримиз, бугунги ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини, уни ривожлантириш борасида олдимизда турган долзарб вазифаларни янада чуқур ҳис этамиз.
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча нуқталарида она тилимизга Давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги кенг нишонланмоқда. Тил – том маънода миллат кўзгуси, миллатнинг ўзлиги, мавжудлиги белгисидир. Она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларнинг намунасидир. Она тили миллатнинг бирлиги ва бирдамлигининг тимсолидир. У миллатни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради ва дунёда борлиқни таъминлайди. Ҳар бир миллатнинг ўз Ватани, оиласи бўлгани каби унинг жонажон ва бетакрор она тили ҳам бўлади. Инсон учун унинг Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, унинг она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас бўлади.  
Тил хусусида билдирилган фикрлар турлича, лекин ҳақиқат шуки, тил бениҳоя муқаддас ва мўътабардир.
 
Азиз тумандошлар!
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишларимиз ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинган тарихий фармон ва қарорлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Ана шундай саъй-ҳаракатларимиз натижасида она тилимиз нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон миқёсида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга бўлиб бормоқда. Айниқса, она тилимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграб, тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик воситасига айланиб бораётгани барчамизни қувонтиради.
Тан олиш керакки, ўзбек тилида битилган минглаб бадиий ва илмий асарлар ўз нафосати, сермазмунлиги, панд-насиҳатга бой эканлиги билан миллионлаб илм ва маърифат аҳлининг қалбини забт этди. Ҳаттоки, уларни улуғ ишларга, кашфиётларга ундади. Бизнинг бурчимиз эса бу бебаҳо бойлигимизни кўз қорачиғидай асраш, уни янада бой ҳолатда келгуси авлодга қолдиришдир. Зеро, улуғ бобомиз Aбдулла Aвлоний таъкидлаганларидек, "Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойнаи ҳаёти тил ва адабиётдур”.
Давлат тилининг ҳуқуқий мақоми ва ҳимояси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида”ги Қонунида мустаҳкамлаб қўйилган. Қонуннинг 24-моддасида Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади деган қоида ўрнатилган ва жавобгарлик белгиланган.
Президентимизнинг "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига сўзсиз риоя этилишига эришиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20-январдаги қарори қабул қилиниши орқали она тилимизга бўлган эътиборнинг яна бир қадами десак адашмаган бўламиз.
Она тилимизнинг мавқеи, буюклигини сақлашда ҳар биримиз масъулмиз. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Барчангизни яна бир бор 21 октябрь ­­– Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йил байрами муносабати билан  чин дилдан табриклайман.
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилайман.
НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ 21 ОКТЯБРЬ – ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТУМАНДОШЛАРИМИЗГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.