НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАНИМИЗ ҒАЛЛАКОРЛАРИГА ТАБРИГИ

НАВБАҲОРЛИК ҒАЛЛАКОРЛАРГА!
Ўзингнинг донинг беминнат нонингга не етсин, дейди кексаларимиз. Ҳақиқатан ҳам ғалла том маънода иқтисодий мустақиллигимизнинг рамзидир. Бугун шу мустақилликни таъминлаш йўлида Навбаҳор туманида
17 минг 928 тонналик улкан хирмонини яратган ғаллакорларни меҳнат ғалабаси билан чин юракдан табриклайман!  
Шартнома лафз - орият устун. Ориятли, мўл ҳосил олишнинг ҳадисини олган омилкор деҳқонларимиз эндиликда ҳар йили кафолатли хирмон яратишга эришдилар. Чунки, мамлакатимизда ғалла мустақиллиги йулида олиб борилган изчил сайъ-ҳаракатлар самараси ўлароқ бой тажриба тўпланиб, дала деҳқончилик ишларининг беназир тизими яратилди. Ғалла зироатчилигида илмий ёндошув, селекция ишларининг энг замонавий технологияларга асосланган тизими жорий этилди. Табиийки бу етиштирилаётган доннинг сифати ва истеъмол хусусиятларида ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Буларнинг барчаси биринчи навбатда, серҳосил буғдой навларини яратишга қаратилган селекция масалаларининг чуқур таҳлил этилгани, ерга, ҳудудлар иқлимига мос уруғларни танлаш бўйича кўрилган зарур чора-тадбирлар самарасидир.
Муваффақиятнинг омиллари кўп. Сўз шу хусусда кетар экан энг аввало давлатимиз раҳбари бошчилигида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар ғалла етиштириш бўйича илғор тажрибалардан унумли фойдаланиш, соҳада моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини соғломлаштириш, пировард натижада ерга бўлган деҳқон муносабатини тубдан ўзгартириш, яъни масъуллик ҳиссини ошириш имконини бераётганлигини алоҳида таъкидламоқ зарур. Бугун ерга бўлган масъуллик фақатгина мўл ҳосил етиштириш билан ўлчанаётгани йўқ. Эндиликда ер эгаси аввало изланиб, интилиб. бир сўз билан айтганда, мақсадлар қамровини кенгайтириб меҳнат қилмоқда. Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, ишга замонавий ёндашиш - ўзи учун кенг имкониятлар мавжудлигини англаб етишга ёрдам бермоқда. Экин майдонларида рентабелликни ошириш минитехнологиялардан фойдаланган ҳолда қайта ишлаш корхоналарини ташкил этишга замин яратмоқда
Фермерларимиз бугун ўз фаолиятларида янги сифат босқичига ўтганлиги айни ҳақиқат. Қатор имтиёзлар, минерал ўғитлар, ёқилғи мойлаш маҳсулотларининг тизимли таъминоти йўлга қўйилганлиги, ёхуд молия муассасаларининг кўмаги ва бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотлар барча барчаси деҳқонга қанот бўлмоқда. Бир сўз билан айтсак бугун барча ўзини шунга дахлдор ҳис этиб, унинг масъулияти ҳам шунга муносибдир.
Навбаҳор туманида ғалла бу йил 20 кунда ўрилиб, йиғиштириб олинди. Албатта, бунда туман ғаллакорлари машина трактор паркининг анча кенгайганлиги, техникалардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилганлигини, юқори унумли комбайин сотиб олинганлигини алоҳида таъкидламоқ жойиз. Бундан ташқари, имтиёзли кредитлаш тизими деҳқонларимизнинг молиявий масалаларда ташвишлардан халос этди. Мана шундай рағбат ҳамда унга муносиб меҳнат йилдан йилга ҳосилдорликнинг ортиши кўринишида кўзга ташланмоқда. "Сарой уни” ғаллачилик кластери томонидан моддий ресусрларни ўз вақтида, даланинг ўзида етказиб берилганлиги ҳам фермерларимизнинг юқори ҳосил олишларига хамин яратди. 
Соҳага эътибор туфайли йил сайин рентабиллик ортиб, фермерларнинг даромадига даромад қўшилиб бормоқда. Ғаллачиликнинг ҳадисини олган фермерларимиздан 1-сектор ҳудудида "Арабхона”, "Сафо Севди”, "Хондамир Ибрат”, "Буганбой”, 2-сектор ҳудудида "Очилова Инобат”, "Навбаҳор сайқали камоли”, "Янги ер”, "Карим Ҳусан бобо”, 3-сектор ҳудудида "Қирқ ариқ”, "Туркистон нур пахтакор”, "Муҳаммад Равшан”, "Диёрбек Ҳамид”, 4-сектор ҳудудидан "Мамат Мўъмин орзўси”, "Шавкат али”, "АС”, "Бегзоджон нурли истиқбол” фермер хўжаликлари туман ҳудудида ўзини оқлаган "Старишина”, "Давр”, "Аср” ва "Васса” буғдой навларини экиб, юқори сифатли 70-80 тоннагача ҳосилга эришишди.
Вилоятнинг ғалла хирмонида Навбаҳор тумани ғаллакорларининг ҳиссаси 22.3 минг тоннани ташкил этади. Туманда дон етиштириш шунчаки тирикчилик манбаи ёхуд кишиларнинг ризқигина эмас, балки элнинг ғурури керак бўлса маънавий бойлигига айланган. Юртда кечган ғалла мустақиллиги сиёсати улар ғайратига-ғайрат қўшиш билан бирга кенг кўламдаги бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига, турмуш тарзининг гўзаллашувига замин яратди.
Йил сайин ҳалол меҳнат орқасидан даромади кўпайиб, имкониятлари кенгаяётган фермерларимиз аҳолининг фаровон турмуш тарзига хизмат қилувчи замонавий маданий-маиший иншоотлар, янги-янги ўқув биноларини барпо этишга ҳам баҳоли қудрат бош қўшмоқдалар. Натижада ҳатто чекка ҳудудлар қиёфаси ўзгариб, ёшларнинг таълим-тарбияси, спорт билан мунтазам шуғулланишлари ҳамда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Шунингдек, дала меҳнаткашларининг соғлиқларини мустаҳкамлашлари, кам таъминланган кишилар ҳолидан хабар олиш, тўй-ҳашамлару маракаларда ҳам улар саховат қўлини узатиб келишаяпти.
Бугун қабул масканлари донга тўлмоқда. Етиштирилган ҳосилни қабул қилиш жараёнлари шу даражада уюшқоқлик билан ташкил этилганки, тарозига тушган ҳар бир ҳовуч ғалла маълумоти шу зоҳатиёқ компьютер ва ахборот технологиялари орқали марказга узатилмоқда. Бинобарин сўз нонимиз ва замонавий технологиялар хусусида кечар экан, "Дон маҳсулотлари” корхоналарида бораётган янгиланиш, модернизация тадбирлари ҳамда уларнинг самараларини эътироф этмай иложимиз йўқ. Вилоятнинг ун ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўз дастгоҳларини тубдан янгилаган корхоналарида   автоматлаштирилган технологиялар жорий этилди. Эндиликда хом-ашё ва жараёнлар марказий назоратда. Натижада  "Навоий уни” ўз брендига эга бўлди. 
Албатта, тўкисликда хислат кўп. Ғалласи мўл элнинг кўзи тўқ, фикри теран, лафзи ҳалол, мақсадлари эзгу бўлади. Шундан дон маъмурчилик тимсоли саналади. Одамларнинг бошини қовуштириб, меҳр-оқибатга, инсонийлик ва диёнатга чорловчи омил ҳам аслида ана шу тушунча билан боғлиқдир. Сизларни ана шундай эзгу ниятларга омил бўлган неъмат улкан ғалла хирмони яратилгани билан яна бир бор табриклайман! Хонадонларингиз обод, оиланигиз тинч, ўзларингиз соғу саломат бўлинг!  Ҳалол меҳнатингиздан топган тутганингиз яхши кунларингизга буюрсин азиз навбаҳорлик деҳқонлар!
НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.ОБЛАҚУЛОВНИНГ ТУМАНИМИЗ ҒАЛЛАКОРЛАРИГА ТАБРИГИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.