Болнгизни қарғаманг!


Умар розийаллоҳу анҳу қўли шол бўлиб қолган кекса кишини кўриб, ундан: "Қўлингизга нима бўлди?” деб сўради. У: «Отам жоҳилият даврида "Қўлинг шол бўлсин!” деб дуоибад қилганди. Шу боис шол бўлиб қолган», деб жавоб берди. Бу гапни эшитган Умар розийаллоҳу анҳу: "Оталарнинг жоҳилият давридаги дуоси шундай бўлса, Исломга кириб, мусулмон ҳолда қилган дуоси қандай экан-а?!” деди. 
Биродарлар! Фарзандларимизнинг бирор аъзосига нуқсон етишига сабаб бўлмайлик, тилимизни тузатайлик! Болаларимизни дуоибад қилмайлик, тағин қилган дуоимиз ижобат бўлиб қолмасин!
Устоз жабри...
Мағриб томонда бир муаллимни кўрдим: юзи буришган, сўзи аччиқ, дилозор, гадойтабиат. Бир синф бола унга ишониб топширилган. Гоҳ уларнинг оппоқ юзига шапалоқ урар, гоҳ нозик оёқларига кишан соларди. Муаллимнинг ишидан воқиф бўлган ота-оналар уни мактабдан ҳайдадилар. Ўрнига содда, солиҳ кишини қўйдилар. Янги устоз заруратсиз сўз очмас, мулойим эди. Беозор ва ювошлиги туфайли ўқувчилар ундан қўрқмай қўйишди. Шўхликлари тутиб, безорилик қила бошлашди. 
Икки ҳафтадан сўнг мактаб ёнидан ўтдим. Аввалги ўқитувчи ўз ўрнига қайтарилибди, эшитиб, хафа бўлдим. Жаҳон кўрган бир киши кулиб деди:
Подшоҳ ўғлини берди мактабга,
Кумушдан тахтасин солиб қўйнига.
Тахта бошига ёзилган олтиндан:
"Устоз жабри яхши ота меҳридан”.
Саъдий Шерозийнинг "Гулистон” асаридан.
Уч синов
Одам боласи ҳар куни уч синовга йўлиқади ва ҳар доим ҳам улардан ибрат олавермайди! Биринчиси, ҳар куни умри қисқариб бораверади. Мол-давлати озайса, ғам чекади, умри камаяётгани билан эса иши йўқ. Ҳолбуки, мол-давлатнинг ўрнини тўлдирса бўлади. Умрнинг эса ўрнини тўлдириб бўлмайди. Иккинчиси, ҳар куни Аллоҳ берган ризқдан ейди. Ҳалолига жавоб беради, ҳаромига эса жазоланади. У эса ҳисоб-китоб оқибати нима бўлишини билмайди. Учинчиси, ҳар куни охиратга бир қадам яқинлашиб, дунёдан эса бир қадам узоқлашиб боради. Шундай бўлса-да, фоний дунёсига берган эътиборини боқий охиратига қаратмайди. Ҳолбуки, у борар жойи олий жаннатми ёки тубан дўзахми –билмайди...

Фазлиддин ТОШЕВ,
Навбаҳор тумани бош имом-хатиби
Болнгизни қарғаманг!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.