туман ҳокими қарори

 

Тумандаги "Транспорт воситалари-

ни мажбурий техник кўригини ташкил

этиш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил
31 январдаги "Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги”ги 54-сонли қарори
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 1-2-сон,
17-модда) ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Навбаҳор туманида транспорт воситаларини 2015 йилги давлат техник кўригини жадвал асосида сифатли ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосланиб

 

Қ А Р О Р Қ И Л А М А Н:

1. Туман ҳудудида жойлашган барча юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилсин.

2. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш бўйича туман комиссиясининг таркиби 1-иловага, техник кўрикдан ўтказиш жадвали
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилсин:

а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар - бир йилда икки марта;

б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг
"а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;

в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг "а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;

г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлигининг ички ва соқчилик қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизматининг ҳарбий бўлинмалари транспорт воситалари кўрсатиб ўтилган идоралар томонидан белгиланган тартибда мажбурий техник кўрикдан ўтказилишибелгиланганлиги инобатга олинсин.

5. Тумандаги юридик шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март- 30 июнда;

жисмоний шахсларга тегишли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январ - 31 август кунлари ўтказилсин.

6. Мазкур қарорнинг 3-банди "а” кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларини техник кўриги :

биринчи марта - 1 март - 30 июнда;

иккинчи марта - 1 сентябрь - 31 октябрда ўтказилсин. Бу ҳолатда мазкур транспорт воситалари иккинчи марта техник кўрикдан ўтказилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

7. Мажбурий техник кўрикдан ўтказганлик учун қуйидаги тартибда йиғим ундирилсин:

транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун (мототранспорт, тиркамалар ва ярим тиркамалардан ташқари) энг кам ойлик иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида;

мототранспорт, тиркамалар, яримтиркамалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирмадан бири миқдорида.

Биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилади.

8. Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш туман комиссияси раҳбарига:

транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;

транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш юклатилсин.

9. Тумандаги барча транспорт воситалари эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахсларга транспорт воситаларини техник паспорти билан биргаликда техник кўрикдан ўтказилишини, уларнинг техник жиҳатдан созлигини ва ўз вақтида режа жадвал асосида кўрикдан ўтказиш мажбурияти юклатилсин.

10. Туман Ички Ишлар бўлими (Б.Усмонов)га мазкур қарорнинг ижроси натижаси бўйича 2015 йил 10 ноябрга қадар туман ҳокимлигига ахборот тақдим этиш топширилсин.

11. "Навбаҳор тонги” газетаси таҳририяти давлат корхонаси (Б.Умаров) ушбу қарорни газета саҳифаларида расман эълон қилинишини, туман ҳокимлиги иш юритиш бўлинмаси (С.Турдибаева) мазкур қарорни тегишли туман корхона ва ташкилотларга етказилишини таъминласин.

12. Навбаҳор туман ҳокимининг 2014 йил 19 февралдаги Туманда транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ташкил этиш ва уни ўтказиш тўғрисида 118-Қ-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Атакулов зиммасига юклатилсин.

Қ-120-сонли

2015 йил 26 феврал

Туман ҳокимиА.Нарзиев

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.